Бандлик масаласида ННТларнинг муаммолари, эришган ютуқлари ва истиқболдаги режалари

2021 йилнинг 15 июл куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида “Бандлик масаласида ННТларнинг муаммолари, эришган ютуқлари ва истиқболдаги режалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Бугунги кунда Наманган вилоятида 530 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Уларни барчасини бир мақсад йўлида бирлаштириш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган янгиланиш ва ривожланишнинг ижобий жиҳатлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ННТларни иштирокини фаоллаштириш борасида жойларда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат органлари вакиллари билан учрашувлари соҳалар йўналишида ташкил этилиши давом этмоқда.  

Вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларида  меҳнат фаолиятини олиб борадиган фуқаролар сони 2671 тани ташкил этади, шундан асосий иш жойи бўйича – 1060 нафар, ўриндошлик асосида – 1590 нафар.

Нодавлат нотижорат ташкилотларида меҳнат муносабатлари, ходимларни ижтимоий химояси меҳнатга оид қонун талаблари доирасида иш ташкил этиш борасидаги билим ва тажрибаларни мустахкамлаш, янги иш ўринларини ташкил этишда ННТлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган жиҳатлар юзасидан малакаларини ошириш тадбирнинг асосий мақсади этиб белгиланди.

Бугунги кунда “Тадбиркор аёл уюшмаси” вилоят бўлими,  Наманган вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази, “Келажак нури” нодавлат нотижорат ташкилоти, “Ҳунарманд уюшмаси” вилоят бошқармаси каби нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан аҳолини иш билан банд қилиш, ишсизларга қўшимча касб-хунар ўргатиш, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Биргина “Тадбиркор аёл уюшмаси” вилоят бўлими томонидан 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 700 нафардан ортиқ хотин-қизларга бизнес сабоқлари бериш билан бирга,  300 та банк кредитлари олишга кўмаклашилди. Яратилаётган иш ўринларида меҳнат муносабатларига оид масалаларга риоя қилиниши ва ижтимоий химоя, хужжатларни қонуний расмийлаштириш иш ўринларини ташкил этишнинг асосий талаби эканлиги ва бу борада малакали кўмак олиш учун давлат органи билан мустахкам муносабатлар ўрнатилиши талаб этилади.

Ташкил этилган давра суҳбати аввалида, тадбир ташкилотчиси ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Икромжон Каримов томонидан
ЎзННТМА Наманган вилоят ҳудудий бўлинмасининг 2021 йилга режалаштирган тадбирлари тўғрисида ҳамда Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди эълон қилган 2-танловдаги 10 та ижтимоий аҳамиятга молик мавзулар билан таништириб ўтди.

Шундан сўнг, тадбир асосий мақсади бўйича вилоят Бандлик бош бошқармасининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош Давлат меҳнат инспектори – Зафар Умаров, Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари- бош давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори - Зафар Жўрабоев  ҳамда Меҳнат стандартлари ва меҳнатга хақ тўлаш бўлими бошлиғи – Жўрабек Бултуровлар томонидан “Аҳолини иш билан банд қилишнинг талаб ва шартлари, меҳнат муносабатларини расмийлаштириш тартиблари ҳамда ишчи ходимларни меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги иштироки” мавзуида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти давомида меҳнат муносабатларига киришишда дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни ҳал этилиш масалалари ҳамда давлат органлари томонидан меҳнат муносабатларини тартибга солиш ҳамда қўллаб-қувватлашга доир масалалар юзасидан тушунчалар берилди. Иштирокчилар томонидан меҳнат муносабатлари билан боғлиқ муаммоли масалалар бўйича билдирилган саволларига жавоблари берилди.

Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори ва 2021 йил 4 мартдаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармони ҳамда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни тўғрисида вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Зулфия Ахмадхўжаеванинг маърузаси тингланди. Давлат ташкилотлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги кучайтириш ҳамда бандлик масалалари юзасидан юзага келадиган  Қонунчилик билан боғлиқ масалалар юзасидан Адлия органлари доим қўллаб-қувватлаш ҳамда амалий ёрдам беришга тайёр эканлиги тадбир иштирокчиларига маълум қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси вилоят бўлимининг асосий мақсади давлат ва жамият қурилишининг устувор вазифаларини амалга ошириш, эркин, очиқ ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда жамоат ташкилотларининг ташкилий ва интеллектуал ресурслари ҳамда саъй-харакатларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш ишларига қаратилган тадбирларда ННТларни соҳалар ва йўналишлар бўйича муаммоларини таклифларини ўрганиш мақсадида туркум  давра суҳбатлари, грант лойиҳаларини тайёрлашга бағишланган маҳорат сабоқлари, ННТ ходимларини хуқуқий билим ва кўникмаларини ривожлантириш соҳасида тарғибот тадбирлари амалги оширилаётганлиги билдирилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги мазкур тадбирда Бандлик масаласида ННТларнинг мавжуд муаммолари, эришаётган ютуқлари бўйича керакли ахборотларни олиш билан бирга мавзу юзасидан бир қатор таклифларни билдирдилар. Шунингдек ижтимоий шериклик доирасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Тадбирда “YUKSALISH” умумиллий харакати вилоят бўлими бошлиғи Н.Мухаммадиева, вилоят Бандлик бош бошқармаси ҳамда вилоят Адлия бошқармаси масъул ходимлари иштирокчилар томонидан берилган саволларга  жавоб бериб, давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларини ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни таклиф этдилар.