Биз келажагимизга бефарқ эмасмиз

Жорий йилнинг 25 март куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари фаоллари ва ёшлари иштирокида мамлакатимизда бўлиб ўтиши режалаштирилган муҳим сиёсий жараён – “Ўзбекистон Республикаси конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конститусиявий қонуни лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумига бағишланган “Биз келажагимизга бефарқ эмасмиз” номли маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан ташкил қилинган тадбирда Қўмита мутасаддилари, турли ташкилотлар ходимлари, юртимизда фаолият юритувчи миллий маданий марказлар раислари ва фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси - Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

Ўзбекистон Конституцияси шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.

Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Умумхалқ муҳокамаларида 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги қайд этилди. Шу маънода янгиланаётган Конституция том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлиги эътироф этилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов бугун юртимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кафиллиги остида 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандларидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётагинини қайд этди. “Мустақиллик юртимизда истиқомат қилиб келаётган барча халқлар вакиллари, миллат ва элатлар учун, аввало, ўзлигини англаш, инсоний қадр-қиммат, урф-одат ва қадриятларни тиклаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятларни очиб берди. Булар Конституциямизда мустаҳкамланган фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий аҳволидан қатъи назар қонун олдида тенглиги принциплари ҳамда турли миллатлар ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга асосланади” деди у.

Қўмита раиси ўринбосари Азамат Тошев ҳар қандай Конституция ҳаётий бўлиши лозим, яъни у мамлакатнинг ижтимоий ва ҳуқуқий воқеликларига, халқнинг орзу-умидлари ва келажак истиқболига, хусусан, замон талабига мос келиши керак. Бугунги кунда нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, хорижий олимлар ва экспертлар ҳам янгиланаётган Конституциямизнинг асосий муаллифи ва ижодкори том маънода Ўзбекистон халқи эканини алоҳида эътироф этмоқда деди.

Тадбирда сўзга чиққан миллий маданий марказ вакиллари бугунги кунда аҳоли, айниқса ёшлар фикру онгида, қалбида Конституциямизга нисбатан ҳурмат, дахлдорлик, унда белгиланган меъёрларга амал қилишда масъулият туйғусини янада кучайтириш масалаларига тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, тадбирда сўз олган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раҳбари Камолиддин Ишанходжаев Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, таълим, фан, маданият, маърифат ҳамда маънавиятнинг равнақ топишида мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилаётгани таъкидлаб, барча тадбир иштирокчиларини мамлакатимизда шу йил 30 апрель куни ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишга чақирди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида жорий йилнинг 21 март куни Янги Ўзбекистон боғида “Наврўз” байрами тантаналарида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг турли миллат вакиллари билан учрашиб, уларнинг миллий халқ ҳунармандчилик намуналари акс эттирилган кўргазмалари билан танишиш ҳамда ёшлар билан бирга суратга тушиш вақтида олинган фотосуратлар эгаларига топширилди.

Қўмита матбуот хизмати