Бухоролик ёшларга референдумнинг ҳуқуқий асослари тушунтирилди

Бухоро давлат университети мажлислар залида ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан референдумда биринчи марта овоз берувчи ёшлар учун “Референдумни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ва Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг аҳамияти” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинардан кўзланган асосий мақсад – референдум иштирокчилари салоҳиятини ошириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар билан таништиришдан иборат бўлди. 

Ушбу мақсаддан келиб чиққан ҳолда, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Омбудсманининг Бухоро вилояти бўйича минтақавий вакили, сенатор, халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси раиси А.Хусейнова маъруза қилиб, Қонституцион ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти хусусида гапириб берди.

Шундан сўнг, “Ўзбекистон Республикасида референдумни ташкил этиш ва ўтказишнинг асослари” мавзусида Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлари номзоди С.А.Ходжаева маъруза қилиб, референдум билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириб берди.

Шундан сўнг, талабалар Конституцион норма билан қонуний норманинг нима фарқи борлиги, янги Конституция киритилаётган айрим масалаларни нега конституция даражасига олиб чиқилганлиги, фуқаролик жамиятида сиёсий плюрализмнинг аҳамияти нимада эканлиги, референдум натижасини олдиндан билишнинг қандай усуллари мавжудлиги, янги Конституцияда давлатнинг мансабдор шахсларининг сайланиши ва тайинланиши нормалари каби масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Ушбу саволларга маърузачилар атрофлича тушунтириш беришди.