Давлат гранти ажратиш учун 6-танлов эълон қилинди

Қуйидаги йўналишларни назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қабул қилинади:

  1. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган амалий, маданий-маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирларини ташкил этиш;
  2. Ўзбекистон халқига миллий давлатчилик ва онгни, анъаналар ва урф-одатларни тиклаш, буюк сиймоларнинг номларини шарафлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича чексиз имкониятлар тақдим этган мустақилликнинг аҳамиятини очиб берадиган махсус теледастурлар, мақолаларни тайёрлаш;
  3. Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, миллатлараро ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда яшаб келаётган турли миллат ва элатларнинг азалий миллий анъаналари, урф-одатлари ва удумларини сақлаш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;
  4. Тараққиёт йўлининг бешта тамойилига асосланган ва халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган “ўзбек модели”нинг мазмун-моҳиятини очиб беришга бағишланган таҳлилий материаллар туркумини чоп этиш;
  5. Ўзбекистонда юритилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳаётга татбиқ этилишини аниқ мисолларда кўрсатиб берадиган маълумотни кенг жамоатчиликка етказиш;
  6. Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий жиҳатлари, олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижаларини акс эттирувчи холисона ва ишончли ахборотни инглиз ва бошқа чет тилларида тарқатиш мақсадида ихтисослашган сайтларни ишлаб чиқиш ва Интернет тармоғида жойлаштириш;
  7. Турли тилларда Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати, етук шахслари, мустақиллик йилларида жамоат ҳаётининг турли соҳаларида республика эришган ютуқлар ҳақидаги маълумотларни тайёрлаш ва Интернет тармоғидаги ихтисослашган энциклопедик манбаларда жойлаштириш;
  8. Хорижий аудитория орасида Ўзбекистон халқлари номоддий маданий мероси (халқ бадиий ҳунардмандчилиги ва амалий санъати, фольклор ёдгорликлари, миллий байрамлар, фестиваллар, миллий ошхона ва бошқалар)ни оммалаштириш;
  9. Интернет тармоғида Ўзбекистон халқларининг бой тарихий-маданий меросини акс эттирадиган ноёб экспонатларга оид ахборот материалларини тарқатиш;
  10. Ўзбекистон халқларининг тарихи ва маданиятини оммалаштириш, унинг тарихий-маданий меросига, табиатининг гўзаллиги ва хилма-хиллигига жалб қилишга қаратилган фото-танловларни ташкил этиш ва ўтказиш.

Давлат гранти ажратилиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

  1. ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтининг раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
  2. Давлат гранти лойиҳаси учун fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган ариза;
  3. Охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтказилган Устав (Низом) нусхаси;
  4. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома нусхаси;
  5. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса лицензиянинг нусхаси.
  6. Манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг тавсияномалари, илтимосномалари илова қилиниши мумкин.

Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант суммаси миқдори – 25 млн. сўмгача.

Ҳужжатлар 2016 йил 25 июндан 25 июлгача қабул қилинади.

Ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди» номига «Ўзбекистон почтаси» орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100035, Тошкент шаҳри, Бунёдкор кўчаси, 1-уй.

Ҳужжатларни тақдим этиш шартлари ва ҳужжатлар намуналари билан Жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-64.