Давлат тили бирлигимиз, бирдамлигимиз рамзи

Навоий шаҳридаги “Дўстлик ва ННТлар уйи” да ЎзННТМА Навоий вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят “Жасорат ва матонат” тарғибот маркази ҳамкорлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун “Тилни йўқотмак миллатни йўқотмак демакдир!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Давра суҳбатида ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт – шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

Тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш, бу борада лойиҳалар тайёрлашда эътибор қаратиш керак бўлган жиҳатлар айтиб ўтилди.

Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарурлиги ҳамда ҳар биримиздан тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашиш талаб этиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган  “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун моҳияти ва долзарблиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда иштирокчиларга мавзуга оид видеоролик намойиш этилди ва ўзбек тили сўз бойлигини асраш, унинг жозибасини кенг тарғиб этиш мақсадида “Ўзбек тилини биламизми?” номли мантиқий ўйин ташкил этилди ҳамда ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

ЎзННТМА Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси