Экология йўналишида грант лойиҳаларини ёзишга кўмаклашувчи “Лойиҳалар офиси” ташкил этилади

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Нодавлат Нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси ва Ўзбекистон экология партияси ўртасида ҳамкорлки меморандуми имзоланган эди.

Шу кунга қадар мазкур меморандум доирасида жойларда экологияни асрашда ННТларнинг ролини ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга қаратилган 26 та тадбир ўтказилди.

Қолаверса, ҳудудларда ҳам ҳамкорликни кучайтириш мақсадида партия ва ассоциациянинг Бухоро, Самарқанд, Навоий, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмалари ўртасида ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Бугун ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Нодавлат Нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси билан ҳамкорликда «Экология соҳасида ижтимоий шерикликнинг имкониятлари» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Янги таҳрирдаги Конституцияда экологик хавфсизлик кафолати янги нормаларда акс эттирилганлиги, атроф муҳитни муҳофаза қилишда ННТларнинг ўрни ва роли, амалга оширилган ишлари ва режалари, ҳамда улар билан ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириш, грантлар ва лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, экология йўналишида фаолият юритувчи НТТларга субсидиялар, грантлар, ижтимоий буюртмалар ва лойиҳаларни ажратиш масаласи ҳам атрофлича кўриб ўтилди.

Хусусан, Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Хусанов келаси йилдан бошлаб экология йўналишида алоҳида грант танловлари эълон қилинишини, танловга топширилган лойиҳалар халқ муҳокамасидан ўтказилиб, ундан ўтган лойиҳаларга маблағ ажратиш тизими йўлга қўйилишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида экология соҳасида фаолият юритувчи ННТлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.

Билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, партия Марказий кенгаши қошида экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ижтимоий лойиҳа ёзиш истагида бўлган ННТларга тўғридан-тўғри ёрдам берадиган «Лойиҳалар офиси»ни ташкил этишга ҳамда лойиҳа ёзишга кўмаклашувчи мутахассисларни жалб қилишга келишиб олинди.

Тадбир якунида экология йўналишида фаолият юритаётган бир гуруҳ ННТлар вакиллари тақдирланди.