Фарғонада “Дўстлик уйи” фойдаланишга топширилди

Фарғона шаҳри Қиргули мавзесида “Дўстлик уйи”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси, вилоят Жамоат фонди, ННТлар вакиллари, миллий маданий марказлар, турли миллатга мансуб аҳоли вакиллари ва кенг жамоатчилик  иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар миллатлараро ҳамдўстлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш давлатимиз раҳбари бошчиликларида олиб борилаётган одилона сиёсатнинг асосий тамойилларидан бири эканини таъкидлаб, Президентимиз ташаббуслари билан миллий маданий марказларга, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор кўрсатилаётгани, бугун фойдаланишга топширилган “Дўстлик уйи” ҳам ушбу юксак эътиборнинг намунаси эканини қайд этдилар.

Вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 3,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиб реконструкция қилинган, бугун кўркам ва замонавий қиёфага эга бўлган собиқ “Нефтчи” маданият саройи биноси эндиликда турли миллат ва элат вакиллари учун ҳақиқий дўстлик масканига айланди. Бу ерда вилоятимиздаги 8 та миллий маданий марказларга алоҳида хоналар ажратилди, тўгараклар ўтиш ва турли тадбирлар ташкил этиш учун концерт зали замонавий кўринишга келтирилди.

4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Фарғонада турли миллат ва элатлар “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу шиор билан дўстлик ва тотувликда ҳаёт кечираётгани, барча бирдек юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани қайд этилди.

Рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар бинода миллий маданий марказлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар. Турли миллатларнинг миллий анъана ва қадриятларини ўзида намоён этган куй-қўшиқлар ва рақслардан иборат концерт дастури тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.