Ижтимоий лойиҳалар маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш миллий ассоциацияси, Ўзбекистон “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди ҳамда Юксалиш умуммиллий ҳаракати Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда Ўзбекистон “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди Сирдарё вилояти бўлимининг туман-шаҳар бўлимлари ҳамда қониқарсиз ва суст фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун “Жамиятдаги ислоҳатларда фуқароларнинг фаоллигини оширишда маҳалла фуқаролар йиғинларининг роли” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тренингда маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва ёшларни касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларни бажариш учун амалга ошириладиган ишларга грант маблағларини жалб қилиш  бўйича, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат гранти танловларида қатнашишига кенг жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тажрибали ННТ раҳбарлари қониқарсиз ва суст фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат гранти танловларида иштирок этмаган маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари учун грант лойиҳага ҳудуддаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб долзарб мавзулар танлаш, грант лойиҳаларини амалга ошириш, ҳисоботларини юритиш бўйича тушунтиришлар бериб, маҳаллаларни ривожлантириш, улардаги муаммоларни ҳал этиш борасида эълон қилинаётган танловлар тўғрисида батафсил маълумот беришди.

Ўз ўрнига семинарда иштирок этган ННТлар вакиллари ҳақиқатдан ҳам маҳаллаларда ечимини кутаётган муаммолар борлигини, уларни ҳал этишда ННТлар катта куч эканлигини алоҳида таъкидлаб, мана шундай услубий жиҳатдан кўмак берувчи семинарларни кўпроқ ташкил этиш таклифини билдиришди.

Азамат Раупов,

ЎзННТМА Сирдарё вилоят ҳудудий бўлинмаси ходими