Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти

Инсон ҳуқуқи маданияти марказининг Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилиш лойиҳаси доирасида “Ўзбекистонда ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилишда таълим ва ҳуқуқнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар қатнашди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқи маданияти маркази ва унинг жойлардаги бўлинмалари ҳақида марказ директори Ихтиёр Умаров ахборот берди. Таъкидланишича, марказ устави Адлия вазирлиги томонидан 2018 йилнинг 04 июлида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, Бухоро ва Навоий вилояти бўлинмалари ташкил этилган. Марказ тўртта давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумларини имзолаган. Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан 2021 йилда Олий Мажлиснинг “Аҳолининг ҳуқуқий онги, инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда жамоатчилик назоратини ташкил этиш” мавзусидаги давлат грантининг “Инсон ҳуқуқи ҳимояси- матбуот эътирофида” лойиҳаси бўйича гранти ютиб олинган.

Грант лойиҳаси доирасида Бухоро юридик техникумида “Ёш ҳуқуқшунослар клуби” ташкил этилган. Шунингдек, бўлинма томонидан 2021 йилда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Янги Ўзбекистонда ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилишда таълим ва ҳуқуқнинг ўрни” лойиҳаси бўйича гранти ютиб олинган.

Бўлинманинг Ғиждувон ва Қоровулбозор туманларида жамоатчилик асосида филиаллари очилган. Йиғилишда “Жамоатчилик назорати инсон ҳуқуқи ҳимояси йўлида”, “Ўзбекистонда ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини тарғиб қилишда таълим ва ҳуқуқнинг ўрни”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти”, “Ёшлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш” каби мавзуларда маърузалар тингланди. Ўқув-семинар амалий машғулотлар орқали қизиқарли баҳс- мунозараларга бой ўтди.

Инсон ҳуқуқи маданияти маркази ва унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида тақдимотлар ҳамда видеороликлар намойиш этилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА