Конституциявий ислоҳотлар инсон қадри учун

Самарқанд шаҳридаги Дўстлик уйида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш — давлатнинг конституциявий бурчи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.  

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “фуқароларнинг фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш – ривожланган демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир”. Юртимизда кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу асосда сўнгги йилларда юртимизда фуқаролик жамияти институтлари роли ва аҳамиятини тубдан ошириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, 200 дан ортиқ акт ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси амалга оширилмоқда.  

Учрашувда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилиши кўзда тутилаётган нормалар, ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.  

– Янгиланаётган Конституциямизда шу пайтгача мавҳум бўлиб келган соҳалар ҳам эътироф этилиб, барча ўзгаришларда халқимиз манфаати, инсон қадр-қимматини улуғлашга катта эътибор қаратилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори, катта илмий ходим Муроджон Турғунов. – Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасининг 148-моддасида “Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонун билан белгиланади” дея қайд этилмоқда. Бу амалдаги демократик ислоҳотларнинг узвийлигини англатади. Умуман олганда, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади. Тарғибот тадбирида Конституциявий қонун лойиҳасидаги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича сўз юритилиб, ўзгаришлар кутилаётган йўналишларнинг мазмун-моҳияти оммага тақдим этилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.  

Тадбирда вилоят кўзи ожизлар жамияти фаоли Абдуҳамид Абдуманноновга жамият аъзолари ўртасида тарғибот олиб бориши учун Конституциявий қонун лойиҳасининг брайл алифбосидаги нусхаси топширилди.  

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА