Қонунчиликка таклифлар киритиш тартиблари ўргатилди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан жойлардаги ННТ вакилларига “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қонун, қарор ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар киритиш тартиби” мавзусида онлайн семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай семинарнинг навбатдагиси Қашқадарё вилоятидаги ННТ вакиллари учун ташкил этилди.

Семинар-тренингда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021 - 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашда ННТ вакилларининг фаоллигини оширишга эътибор қаратилмоқда.

Маърузалар, савол-жавоблар ва мунозаралар тариқасида ўтган семинарда қонунчиликни такомиллаштириш  бўйича асосли ва долзарб масалалар юзасидан таклифлар бериш ва киритиш тартиблари тушунтириб берилди.

Семинар давомида жойларда таклифларни ўрганиб чиқувчи махсус ишчи гуруҳларни ташкил этиш, ННТ вакилларининг қонунчиликка оид ва ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ўқувларни ўтказиш каби бир қатор таклифлар билдирилди.