Мурожаат ташаббускорлари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига мамлакатимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускор гуруҳи ҳамда фаоллари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарори бўйича мурожаатномаси келиб тушган эди.

Ушбу мурожаатномада кўтарилган масалалар бўйича Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўз муносабатини билдириб, Ассоциация ташаббускор гуруҳ аъзоларига ННТларга қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш учун муҳокама майдонини яратишга тайёр эканини маълум қилган эди. 

Куни кеча Адлия вазирлигида ушбу жамоавий мурожаатни батафсил кўриб чиқиш мақсадида мурожаат ташаббускорлари билан учрашув ташкил этилди.

Унда адлия вазири ўринбосари М. Икрамов Ҳукуматнинг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарорининг мазмун моҳияти ва хорижий давлатлар қонунчилиги ва амалиётидан келиб чиқиб батафсил тушунтириш берди.

Хусусан, ушбу Ҳукумат қарори барча халқаро ҳужжатларга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқ эканлигини, уларнинг қабул қилиниши амалдаги қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилганлигини, ушбу қарорнинг давлат ва жамият учун заруриятини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Учрашув иштирокчиларига мазкур қарорни қабул қилишдан асосий мақсад ННТларнинг грантларини амалга оширишда кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳалар самарадорлигини ошириш, шунингдек уларнинг манзилли амалга оширилишига кўмаклашишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Мурожаат ташаббускорлари учрашув давомида Ҳукуматнинг ушбу қарори айрим давлат органлари томонидан амалиётда нотўғри қўлланилаётганлиги, ҳамкорлик доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари учун сунъий тўсиқлар яратилаётганлиги ва бунинг оқибатида мазкур қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсадга ҳар доим ҳам эришиш имкони бўлмаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Учрашув якунида Ҳукуматнинг 2022 йил 13 июндаги 328-сон қарорининг амалиётда қўлланилишини янада чуқур ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф қилиш мақсадида ЎзННТМА шафелигида ишчи гуруҳ ташкил этиб, қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқишга ва уни Адлия вазирлигига киритишга келишиб олинди.