Навбатдаги ахборот ресурс маркази Жиззахда очилди

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Жиззах вилоятидаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да ННТлар учун ахборот ресурс маркази ташкил этилди.

Бугун марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

—Ахборот ресурс маркази вилоятимиздаги ННТлар учун айни муддао бўлди, - дейди ЎзННТМА Жиззах ҳудудий бўлинмаси раҳбари Н.Камалова. —Насиб бўлса, марказда вилоятимиздаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган жуда кўплаб ижтимоий лойиҳалар ишланади ва албатта уларни натижасини оламиз.

Очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги масъуллари, вилоят Адлия бошқармаси, ОАВ вакиллари иштирокида вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган ННТларнинг мавжуд муаммолари, уларнинг ижтимоий аҳамияти долзарб бўлган таклифлари, келгусидаги истиқболли режаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

—Бу йил вилоятимиздаги кўплаб ННТлар учун омадли бўлди, - дейди “Тренерлар штаби” аъзоси, "Басира" ожиза қизлар жамияти раҳбари Б.Исамов. —Шахсан мен ЎзННТМА томонидан ташкил этилган малака ошириш курсларида иштирок этдим, вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган 5-танловда грант соҳиби бўлдим. Бизга берилаётган имкониятлар, шароитлардан фойдаланиб, келгуси йилда бунданда яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламан.

Шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ассоциация қошидаги жамоат фонди вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ЎзННТМА томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган ННТлар раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини 2022-2023 йилларда муваффақиятли битириб, “Тренерлар штаби” сафига қаблу қилинган ННТ раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда жойлардаги, хусусан, чекка ҳудудлардаги ННТларнинг билим ва малакаларини ошириш масалаларини келишиб олдилар.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ, вилоят ҳокимлиги, вилоят Адлия бошқармаси, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси, Жиззах шаҳар ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда Жиззах шаҳридаги маҳаллаларнинг ҳолатини ўрганди.

Ўрганиш жараёнларида маҳалла фаоллари, ҳоким ёрдамчиларининг мавжуд муаммолар юзасидан мурожаатлари тингланди. Долзарб масалалар ечими бўйича Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси қошидаги жамоат фонди томонидан 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар режасига вазифалар киритилиши белгилаб олинди.