ННТ ларнинг фаоллиги ортмоқда

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ ННТлар фаолияти юқори босқичга кўтарилди. Буни Андижон вилоятида фаолият юритаётган ННТлар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоятда жами 747 та нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларда 3,5 минг нафардан зиёд киши меҳнат қилади. 120 та ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзосидир.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг аксарияти муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни давлат грантлари асосида амалга оширмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамияти ва бошқа институтларнинг 6 та лойиҳасига 470 миллион сўм ажратилди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишида фаолият юритаётган “Hamroh” нодавлат нотижорат ташкилотининг “Ёшлар – келажак бунёдкорлари” номли лойиҳасига ажратилган маблағ ҳисобидан Андижон шаҳри Ишчилар маҳалласи, Храбек кўчасидаги кўзи ожиз фуқаролар яшаётган 94-, 96-, 96-а-сонли кўп қаватли уйларда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, чиқиндихона қуриш ва жиҳозлаш, зарарли ҳашоратларга қарши дезинфекция ишларини олиб бориш, биноларнинг ертўла қисмларини тозалаш каби узоқ йиллардан буён ҳал этилмай келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг дам олишлари учун кўп қаватли уйлар олдида махсус суҳбатгоҳлар қуриш, ўриндиқлар ўрнатиш, маҳалла ва кўча спортини ривожлантириш мақсадида ҳудудда воркаут майдончаси ташкил этиш ҳамда кўзи ожиз фуқароларнинг ишсиз фарзандлари бандлигини таъминлаш бўйича меҳнат ярмаркаси ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Марҳамат туманидаги “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди томонидан “Маданий мерос объектлари инсонларга ғурур берувчи, тарихий билимларини оширишга хизмат қилувчи муқаддас маскандир” номли лойиҳа доирасида аҳолига бепул хизмат кўрсатиб келаётган “Маънавият боғи”, “Хотира” ёдгорлиги мажмуаси, очиқ ва ёпиқ “Мингтепа” музейи фаолиятини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди тасарруфидаги мазкур масканларга ҳар йили 10-12 минг нафардан зиёд маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Бу ерда 4 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона ҳам аҳолига бепул хизмат кўрсатмоқда.

Умуман, фонднинг ташаббуси билан нафақат Марҳамат туманидаги, балки Андижон вилоятидаги қатор қадимий ёдгорликлар, зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларни муҳофаза қилиш, қадим ва улуғ тарихимизнинг тимсоли сифатида уларнинг тарихий аҳамияти кенг омма, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, шу орқали юртдошларимиз, ёш авлод қалбида қадим тарихимизга, бебаҳо маданий ёдгорликларга ҳурмат, улардан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти Андижон вилояти ташкилоти, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси Андижон вилояти бўлими, Андижон вилояти Минтақавий тадқиқот маркази, “Меҳримиз Сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази сингари ўнлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари вилоятдаги қатор ижтимоий аҳамиятга эга масалалар, муаммоларни бартараф этишда самарали фаолият юритмоқда.

– Марказимизда ҳаётда оғир вазиятга ҳамда руҳий инқирозга тушиб қолган аёлларга тиббий, психологик, маънавий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, – дейди “Меҳримиз Сизга” аёллар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Холидахон Мирзараҳимова. – Шунингдек, марказга ёрдам сўраб келган хотин-қизлар бу ерда вақтинча яшаш билан бирга, қизиқишларига қараб турли йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ҳам ўқитилади. Марказимиз томонидан кейинги икки йил давомида 1,5 минг нафарга яқин аёлга турли йўналишларда ёрдам кўрсатилди, кўплаб аёлларнинг ишга жойлашишига ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоятдаги ННТлар фаолиятини мувофиқлаштириш билан бирга, инсон қадрини юксалтириш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жойлардаги ННТлар ва аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида ўтказилган учрашувлар доирасида фуқаролардан келиб тушган кўплаб мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Масалан, Жалақудуқ тумани Навоий маҳалласида яшовчи Умидахон Пайзиева ишсиз эканлигини, аммо қўлида ҳунари борлигини, чеварчилик билан шуғулланиб, оиласига даромад киритиши мумкинлигини айтиб, тикув машинаси олишига ёрдам кўрсатилишини сўраган. Мазкур мурожаатни ижобий ҳал этиш мақсадида Ассоциация ҳузуридаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида Умидахон Пайзиевага тикув машинаси хайрия сифатида тақдим этилди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятдаги жамоат ташкилотлари жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб, “Инсон қадри учун” тамойилини рўёбга чиқариш, турли муаммоларни бартараф этишда фаол иштирок этмоқда.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,  ЎзА