ННТ одам савдосидан жабр кўрган фуқароларни ватанига қайтаришда ёрдам кўрсатди

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоси бўлмиш Республика "ISTIQBOLLI AVLOD" ижтимоий - ахборот маркази Хоразм вилояти бўлимининг ташаббуси билан одам савдосига қарши курашиш ҳудудий комиссия аъзолари иштирокида "Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини ошириш орқали одам савдоси учун жиноий жавобгарликга тортишни кучайтириш” номли лойиҳаси доирасида  “Одам савдосини олдини олиш борасида 2022 йилнинг ўтган даврида эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар” мавзусида  давра суҳбати ўтказилди.

Хоразм вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда вилоятда одам савдосига қарши курашиш йўналишида 2022 йилнинг ўтган даврида эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Мутасадди ташкилотлар масъул ходимлари бу борада қилинган ишлар ва камчиликлар юзасидан маълумотлар беришди.

Давра суҳбати давомида Республика "ISTIQBOLLI AVLOD" ижтимоий-ахборот маркази Хоразм вилояти бўлими ходимлари жорий йил 9 ойи мобайнидаги фаолияти натижалари ҳақида маълумот бердилар. Унга кўра, 2022 йилнинг ўтган даврида марказнинг Хоразм вилояти бўлимининг “Долзарб алоқа” тармоғига 900 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар асосида 12 фуқарога, шундан 3 нафар вояга етмаганларга ватанига қайтаришда амалий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари 392 нафар фуқарога марказ ҳуқуқшуноси томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Келгусида ҳам мазкур ишларни самарали давом эттирган ҳолда, одам савдосидан жабр кўрган фуқароларга яқиндан кўмак бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида режалар белгилаб олинди.

ЎзННТМА Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси