ННТ раҳбарларининг малака ошириш ўқувлари бошланди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган иккинчи босқич ўқувларнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Янги Ўзбекистон тараққиёти стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда ННТлар роли ва аҳамиятини ошириш, қолаверса кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида “учинчи сектор” учун кадрларни тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Тадбирда сўз олганлар, жамиятимиз янги тараққиёт даврида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий ташаббускори сифатида катта марраларни кўзлаётганлигини, инсон қадри, унинг фаровонлиги, эркинлиги борасида илгари сурилаётган ташаббусларда ННТларнинг хиссасини ошириш, уларнинг халқчиллигини таъминлаш, давлат бошқарувида ўзининг ўринли фикри ва мулоҳазалари, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурлари билан фаол бўлиши, қолаверса двлат органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига батафсил тўхталиб ўтдилар.

72 соатлик махсус ўқув режа асосида олиб бориладиган дарсларда   ННТларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, қолаверса, молиявий барқарорликка эришиш, хорижий тажриба ҳамда раҳбар ходимнинг шахсий компитентлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилади.

Шунингдек, амалий учрашувлар, пойтахтимизда фаолият юритаётган йирик нодавлат нотижорат ташкилотларига ташрифлар ва маданий тадбирлар ҳам ўқув дастурларидан ўрин олган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумга кўра, икки ташкилот ҳамкорликда ННТларнинг молиявий барқарорликка эришиш, ижтимоий муҳим лойиҳалар ишлаб чиқиш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, волонтёрларни, хайрия ва бошқа ресурсларни жалб қилиш, ижтимоий менежмент, ижтимоий тадбиркорлик йўналишларида салоҳиятларини ошириш борасидаги ишларни амалга оширадилар.