ННТлар пойтахтимиздаги 31 та маҳалла муаммоларни ҳал этишда бевосита иштирок этади

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди ҳамкорлигида “Инсон қадрини улуғлаш, долзарб муаммоларни ҳал қилишда ННТларнинг ўрни” мавзуида семинар ўтказилди.

Тадбирда 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стрататегиясининг 2022 йилда стратегияни амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш йўлида пойтахтимиздаги маҳалларда ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий муҳитни янада соғломлаштиришда, муаммоларни бартараф этишда ННТларнинг роли ҳамда аҳолини долзарб муаммоларини ҳал этишда давлат грандларининг аҳамияти каби масалалар эътибор марказида бўлди.

Қайд этилдики, мамлакатимизда сўнгги йилларда маҳаллабай ишлаш тизимини мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиш, жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналишида ўз аксини топган. 

Хусусан, маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, халқ билан мулоқот тизимини такомиллаштириш, ҳудудий дастурларни жамоатчилик фикри асосида амалга ошириш, хотин-қизларнинг ўқиши ва ишлаши учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали улар орасидаги ишсизликни қисқартириш, замонавий иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, маҳаллардаги муаммоларни ҳал этишда мамлакатимизда фаолият юритаётган тўққиз мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилда маҳаллаларда ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш, аҳоли онгига Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини сингдириш, инсон қадрини ва халқнинг ижтимоий кайфиятини юксалтиришга қаратилган бир қатор ижтимоий лойиҳалар учун грант маблағлари ажратилиши кўзда тутилмоқда.  

 Семинарда сўз олган ЎзННТМА вакилларининг қайд этишича, тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг 6 та туманидаги 31 та маҳалласида ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий муҳитини соғломлаштириш бўйича “маҳалла, оила ва инсон” тамойили асосида тизимли ишлар йўлга қуйилди.

Ижтимоий лойиҳалар асосида “Аёллар”, “Ёшлар”, “Темир”, “Меҳр” дафтарларига киритилган ҳамда бошқа ижтимоий эҳтиёжманд аҳолининг муаммолари ўрганилади. Муаммоларнинг кўламидан келиб чиқиб, аҳолига иқтисодий, ҳуқуқий, тиббий, психологик ва инклюзив ижтимоий хизматлар кўрсатилади.

Шу мақсадда туманлар ҳокимликлари, маҳалла кенгашлари, ННТлари раҳбарлари билан ҳамкорликда “ҳаракат дастур”лари ишлаб чиқилди. Мазкур дастур жорий йил якунигача амалга оширилади. Унга кўра:

1000 нафар ишсиз, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа қатламлари касбга ўқитилади, муносиб ойлик иш ҳақи ва иш жойи билан таъминланади;

2826 нафар аёлларга, ногирон фарзанди бор оилаларга малакали тиббий, психологик, ҳуқуқий, моддий, маънавий ёрдам ва инклюзив таълим бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатилади.

Шу жумладан, 1358 нафар ногирон шахсларга тиббий-реабилитация хизматлари кўрсатилади, 108 нафар фуқарога керакли дори воситалари берилади, 22 нафар шахсда жарроҳлик операцияси ҳамда 5 нафар ногирон фарзандларнинг суннат ва никоҳ тўйлари ўтказилади.

IIIунингдек, йил якунигача жами 222,2 минг нафар аҳоли 1147 та маънавий-ғоявий ва маданий-кўнгилочар тадбирлар билан қамраб олинади.

Амалга оширилаётган ишларни самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш учун “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш методикаси” тайёрланди.

Қайд этилдики, жорий этилаётган амалиёт жойларда долзарб муаммоларни ҳал қилишда халқ ва давлат бирлигини янада мустаҳкамлашга, аҳолида розилик кайфиятини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Семинар давомида маҳалларда янги иш ташкил этиш тизимини йўлга қўйиш бўйича соҳа вакиллари томонидан ННТ вакилларига тегишли кўрсатмалар берилиб, услубий жиҳатдан таништирилди. ННТ вакилларининг мулоҳазалари ва таклифлари инобатга олиниб, келгуси режалар белгилаб олинди.