ННТлар учун навабтдаги ахборот-ресурс маркази Сирдарёда очилди

Бугун Сирдарё вилоятда 437 та нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг ҳаммаси ҳам бино ёки офисларда жойлашмаган. Шундай бўлсада, ўзининг ташаббускорлиги ва интилиши билан фаолиятини олиб бормоқда ва аҳолини ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш мақсадида турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Ана шундай фидоий ННТлар вакилларини қўллабб-қувватлаш, ишлаш шароитларини яхшилаш мақсадида Сирдарё вилоятидаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎЗННТМА) ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотиларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ахборот-ресуср маркази ташкил этилди. Кеча мазкур марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ижросини рўёбга чиқариш бўйича жорий йил “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2023 ва 2024 йилларда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 192-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини, уларга кўмаклашиш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалалари қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир.

Жумладан, ушбу қарорнинг 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида вилоятларда ташкил этилган “ННТлар уйи”да нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ахборот-ресурс марказлари ташкил қилинмоқда.

Мазкур ахборот-ресурс марказлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда фаолият олиб бораётган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да ташкил этилиб, юридик манзили ва моддий техник базасига эга бўлмаган ННТларга фойдаланиш учун топширилади.

Ахборот-ресуср маркази очилиши маросимида сўз олганлар алоҳида эътироф этдики, бу каби ташаббуслар ННТларни янада фаол ишлашга ва ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил қадам ташлашга ундайди.

Шунингдек, тадбир давомида ЎзННТМА раиси К.Ишанходжаев вилоятда фаолият юритаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака оширган ННТлар раҳбарлари билан учрашди.

Учрашувда ННТлар олдида турган муаммолар ва уларни ечимига қаратилган масалалар муҳокама этилди.

Кўтарилган масалалар юзасидан ННТларга тегишли маслаҳатлар берилиб, ҳудудий бўлинма ходимларига масалаларнинг ҳал этилиши бўйича ҳужжатлар тайёрлаб бориш тўғрисида кўрсатмалар берилди.