Шавкат Мирзиёев Японияга жўнаб кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни расмий ташриф билан Японияга жўнаб кетди.

Ташриф доирасида Япония Бош вазири Синдзо Абэ, Парламентнинг Маслаҳатчилар палатаси президенти Акико Санто, Парламентнинг Вакиллар палатаси спикери Тадамори Осима, Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан музокаралар бўлиб ўтади. Томонлар Ўзбекистон – Япония муносабатлари, жумладан, ҳамкорликни ривожлантиришнинг узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишларини муҳокама қиладилар, халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Япония Императори Нарухито томонидан қабул қилинади.

Ташриф дастуридан, шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаока, етакчи саноат ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўрин олган. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Япония компаниялари вакилларини Ўзбекистондаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ўзаро манфаатли шартлар асосида жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Япониянинг энг муҳим иқтисодий марказларидан бири – Нагоя шаҳрига ташриф буюриб, шаҳарлар ва таълим муассасалари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Аичи префектураси губернатори Хидэаки Омура, шаҳар мэри Такаси Кавамура, Нагоя университети ректори Сейичи Мацуо билан учрашади.

Музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, божхона, туризм, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

uza.uz