Тренинг Марказий Осиё давлатларида меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммоларга бағишланди

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўлинмалари ходимларининг хавфсиз миграция ва одам савдосига қарши курашишга қаратилган грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида жорий йил 4-6 октябрь кунлари Бухоро шаҳридаги “SAHID ZARAFSHON” меҳмонхонаси конференц-залида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, USAID, WINROCK INTERNATIONAL халқаро ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Одам савдосига қарши курашиш ва хавфсиз миграцияга кўмаклашиш соҳасида грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқариш” мaвзусида тренинг ташкил этилди.

Бухоро шаҳрида ташкил этилган мазкур тренингда ЎзННТМАнинг Жиззах, Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмалари ходимлари иштирок этишди.

Уч кунлик тренинг давомида иштирокчилар Марказий Осиё давлатларида меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими, одам савдосига қарши курашиш ва хавфсиз миграцияга кўмаклашишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллигини ошириш бўйича билимларини бойитишди.

Дарсларда хавфсиз миграцияга кўмаклашиш ва одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги лойиҳалар мисолида грант лойиҳаларини, лойиҳалари учун талабномани ишлаб чиқиш, лойиҳа мониторингини юритиш ва баҳолаш, грант олиш учун аризаларни тўдириш ҳамда лойиҳаларни бошқариш бўйича амалий тажриба ва кўникмаларини шакллантириш бўйича мисоллар ёрдамида тушунчалар берилди.

Замонавий педагогик усуллар ёрдамида соҳага оид билимларини бойитган семинар иштирокчилари келгусида нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш, одам савдоси ва хавфсиз миграция бўйича грант лойиҳаларини ишлаб чиқишда уларга яқиндан кўмаклашиши ҳамда семинарлар ташкил этиб, уларда фаол иштирок этиши кутилмоқда.

 

ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси.