ЎзННТМА Қашқадарё бўлинмаси Олий таълим муассасаси билан меморандум имзолади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 192-сонли қарорининг 18-бандида фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш масалларида олий таълим муассасаларининг ННТлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш вазифаси белгиланган эди.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ва «ТИҚХММИ» миллий тадқиқот университетининг Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Меморандумнинг асосий мақсади, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларида иштирокини кенгайтириш, уларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг олий таълим муассасаси билан ўзаро ҳамкорлигини ривожлантиришдан иборат.

Шунингдек, келгусида меморандум доирасида нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари билан ҳамкорликда институт ёшларини касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг ишга жойлашиши ва бандлигини таъминлаш учун имкониятлар яратиш, мавжуд таълим-тарбия соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда фидойи нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, ёшларда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабат, мамлакатнинг ноёб табиатини келгуси авлодлар учун асраб-авайлаш хиссини шакллантириш, экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирларнинг олдини олишда жамоатчилик назоратини олиб бориш масалаларига ҳам эътибор қаратилади.