Янги Конституция – сиёсий ва ижтимоий барқарорликнинг ҳуқуқий кафолати

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳуқуқий маслаҳат бюроси, вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази биносида “Ўзбекистон Республикасида референдумни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ва  Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти” юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятларининг туман ва шаҳар бўлимлари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий мақсади, нодавлат нотижорат ташкилотларига  Референдумнинг ҳуқуқий асосларини тушунтириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартишлар билан таништиришдан иборат.

Шундан келиб чиқиб, вилоят Адлия бошқармасининг Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи А.Рахматуллаев "Ўзбекистон Республикасида референдумни ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асослари" тўғрисида ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳуқуқий маслаҳат бюроси маслаҳатчиси Н.Ниёзов "Ўзбекистон Республикасида Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти" ҳақида аниқ мисоллар билан тушунчалар беради.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев эса Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасидаги янги моддаларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, 48-моддада ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги белгиланмоқда.

— Мазкур масаланинг Конституция даражасига кўтарилиши — аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади, - дейди ЎзННТМА Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев. —Конституцияга киритилаётган норманинг яна бир аҳамияти шундаки, давлат ўз фуқароларининг моддий аҳволидан қатъи назар кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан қамраб олинишини мустаҳкамламоқда. Бу фуқаролар, айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган фуқароларнинг соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади. Кафолатланган тиббий ёрдамга оид норманинг белгиланиши  аҳоли, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Маърузалар якуни бўйича, ННТлар вакиллари ўз муносабатларини билдиришди.

Тадбир якунида, иштирокчиларга умумхалқ Референдумида фаол иштирок этишга тарғиб этувчи тарқатма материаллар улашилади.