Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига бағишлаб, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташаббуси билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Қарши шаҳридаги “Дўстлик уйи”да маънавий-маърифий тадбир  ташкил этилди.

Тадбирда ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи У.Қобилов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, турли зиддиятлар туфайли юзага келган оғир ва мураккаб вазиятга қарамай, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни дунёга танитиш борасида муҳим натижаларни қўлга киритаётганимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани биз учун юксак баҳо,  мустақиллик шарофати эканлигини таъкидлади.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, Қарши Давлат Университети ва Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот маслаҳат ресурс маркази ҳодимларининг маърузалари тингланди.

Маърузачилар Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ННТларининг умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатда ва ҳудудларда нодавлат секторини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек ННТ ва давлат органлари ўртасида самарали ижтимоий шериклик ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратига асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, жорий йилнинг 24 август куни пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳамкорлиги” мавзусида бўлиб ўтган Миллий форум ва унда кўрилган масалалр юзасидан ҳам тадбир иштирокчилари ўз муносабатларини билдиришди.

Тадбир якунида мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги байрами муносабати билан, фуқаролик жамияти институтлари ривожига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ қашқадарёлик ННТлар вакиллари Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси