Янгиланаётган Конституция: суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи

Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида “Конституциявий ислоҳотлар: суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро ННТ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг конституциявий асосларини такомиллаштириш, конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналиши “Янги Ўзбекистон – қонун устуворлиги” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, суд-ҳуқуқ тизимининг самарали фаолиятининг асосий мезонлари ва хорижий тажриба муҳокама этилди.

Тадбирда онлайн тарзда иштирок этган словениялик ҳуқуқшунос Горан Клеменсич конституциявий ислоҳотларда халқаро ҳуқуқнинг роли ва вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Тадбирда шунингдек, маҳаллий экспертлар янги таҳрирдаги Конституцияга суд-ҳуқуқ йўналишида киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартишлар хусусида фикр билдиришди. Хусусан, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. Яъни, шахснинг эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суд қарори асосида амалга оширилиши шарт. Ушбу қоида тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилгандир. Бу орқали халқаро эътироф этилган “Хабеас корпус” институтини қўлланиш кўлами янада кенгаяди.

Қайд этилдики, эски тузумдан мерос бўлиб қолган суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни жазоловчи ёндашувидан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчи, поймол қилинган ҳуқуқларни тикловчи, рағбатлантирувчи ёндашувига ўзгартириб, буни Конституция даражасида мустаҳкамланаётгани инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари сезиларли даражада кучайтирилишига хизмат қилади.

ЎзННТМА Ахборот хизмати