“Ёшлар ва келажак Конституцияси”

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради, дея белгиланмоқда.

Шунингдек, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олишга ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда. Мазкур норма Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига зўр ишорадир. Бундан кўзланган асосий мақсад иқтидорли ёшлар учун давлат гранти асосида бакалавриат ва магистратура босқичида таълим олиш орқали ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини кенгайтиришдир.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакилларининг Бухоро давлат университети талаблари билан ўтказилган учрашувда Янгиланаётган бахтимиз Қомусининг айнан шу жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Мазкур тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор М.Тиллабаев давлат томонидан таълим сифатини яхшилаш мақсадида ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидлади.

Хусусан, давлат ўқитувчиларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланмоқда. Миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, авваламбор, ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ. Зеро, ўқитувчи аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган илм-фан сир-асрорлари, маънавий ва маданий меросни ёшларга етказишда муҳим бўғин ҳисобланади. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчиларни давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини кучайтирилиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Қизғин ўтган мулоқотда ёшларни бугунги кунда ўйлантираётган масалалар, уларг ечим сифатида Янгиланаётган Конституцияда киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир якунида ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, янги таҳрирдаги бош Қомусимиз нафақат халқники, балки ёшлар, келажак Конституцияси эканлигини фахр билан эътироф этишди.