Жамиятимизда фуқаролик жамияти институтларининг мақоми тобора ортмоқда

Тошкентда 11 май куни “Конституциявий ислоҳотлар: фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури (LRP) кўмагида ташкил этилди.

Мазкур анжуман “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари ўрни ва аҳамиятини ошириш, фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш соҳасидаги миллий ва халқаро тажриба бўйича фикр алмашиш майдони бўлгани билан аҳамиятлидир.

Офлайн ва онлайн шаклда ташкил этилган форумда дунёнинг турли мамлакатларидан экспертлар, давлат идоралари, илмий муассасалар, олий ўқув юртлари мутахассислари, Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар ҳамда Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов иштирокчиларга йўллаган видеомурожаатида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқини муҳофаза қилиаш, давлат идораларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ролини, аҳоли ва жамоат бирлашмалари сиёсий фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.

Ялпи сессия маърузачилари юртимизда фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини оширишнинг муҳим воситаси эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, тинч, фаровон ва барқарор ривожланаётган демократик жамият барпо этиш, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини ҳимоя қилиш, Барқарор ривожланишнинг умумбашарий ва миллий мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари беқиёс аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти ва ҳукуматимизнинг соҳага оид 200 дан зиёд ҳужжати қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 22 фоиз ошди. Жумладан, республика бўйича 200 га яқин йирик ННТ фаолият бошлади. Бугунги кунда ушбу фуқаролик институтлари инсон қадр-қиммати, ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда бағрикенглик ва инсон ҳуқуқига доир маданиятни шакллантириш, барқарор ривожланишнинг энг муҳим вазифаларини амалга оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, давлат бюджетидан ННТ фаолиятини, шундай тузилмалар томонидан ишлаб чиқилаётган ижтимоий, жамоавий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағ (субсидия, ижтимоий буюртма ёки грант) миқдори беш баробардан кўпроқ оширилди. Келгусида, хусусан, жорий йилнинг ўзида фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, 700 дан ортиқ дастур ва ташаббус давлат томонидан молиялаштирилиши кўзда тутилган. Айни лойиҳаларни амалга оширишда 3000 дан зиёд жамоат ташкилоти иштирок этади. ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари томонидан истеъдодли ёшлар мунтазам тарзда рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ишларига жалб этиляпти. Ўзбекистонда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат ўртасида тинчлик, дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш йўлида фаол хизмат қилаётган 150 миллий маданий марказ ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Том маънода фуқаролик жамияти мавжуд бўлган макон ва замондагина ҳуқуқий давлат қарор топиши мумкинлиги анжуманда алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, фуқаролик жамиятини инсон эркинлиги ва қадр-қимматисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил демократик ислоҳотлар инсонга ғамхўрлик қиладиган, ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаати ва фаровонлигини таъминлайдиган эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга асосланган давлат қуришга йўналтирилган. Инчунун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фундаментал асари ҳисобланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида давлат раҳбарининг “Халқ қабулхоналари”га конституциявий мақом бериш, фуқаролик жамияти институтлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини кодификация қилиш, Ахборот кодексини қабул қилиш,  “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги,“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоат муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, уларнинг регламентлари ва назорат фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш, мамлакат қонунчилиги, “Электрон парламент” ва “Электрон Халқ кенгаши депутатлари”, шунингдек, халқ манфаатига хизмат қилувчи “Халқчил давлат” миллий дастурларини тасдиқлаш назарда тутилган.

“Фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришнинг конституциявий-ҳуқуқий асоси”, номли биринчи сессияда “Ўзбекистон тажрибаси”, “Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг конституциявий кафолати”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳолати ва ривожланиш истиқболи” мавзуларида маърузалар тингланди.

“Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари ва давлатнинг ўзаро ҳамкорлиги: тажриба, илғор тенденция, истиқбол” мавзусидаги иккинчи сессияда эса иштирокчилар “жамиятда инсон ҳуқуқи маданиятини шакллантиришда фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш”, “Ижтимоий шериклик: Европа мамлакатлари тажрибаси” каби бир неча мавзу муҳокама қилинди.

Сессия давомида мунозараларда иштирокчилар муайян таклифларни ўртага ташлади.

Тадбир якунида конференциянинг “Тошкент декларацияси” қабул қилинди. Мазкур ҳужжат БМТ, ЕХҲТ, ЕИ, ШҲТ, МДҲ доирасида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, мазкур нуфузли халқаро тузилмаларни давлат ва жамият бошқаруви жараёнига жалб этиш бўйича қабул қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. 

Анжуманда тақдим этилган таҳлилий материаллар, маърузалар тўплам сифатида чоп этилиши ҳам назарда тутилган.

Манбаа: ЎзА